Тошкент ИИББ 25 ноябрь куни Чилонзор туманининг «Бешқўрғон» маҳалласининг ўзида ўтказилган «Тозалаш-Антитеррор» тадбири давомида «жами 363 нафар республикамизнинг турли вилоятларидан келиб, муайян иш жойига эга бўлмаган, вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан ҳамда хонадон эгаси билан ижара шартномаси расмийлаштирмай яшаб келаётган шахслар аниқланиб», туман ИИБ томонидан текширилгани тўғрисида маълум қилди.

Текширув давомида 28 нафар фуқаро профилактик ҳисобда турувчи, 127 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар эканлиги аниқланди. Шунингдек, 117 нафар фуқаронинг бошқа вилоятларидан келиб, Тошкент шаҳрида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан яшаб келаётгани аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон МЖтКнинг 223-моддаси 1-қисмига асосан (Паспорт тизими қоидаларининг бузилиши, ЭКОИҲнинг иккидан бир баробаридан жарима) маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Бундан ташқари, 17 нафар хонадон эгалари ўз хонадонларини ижара шартномасини расмийлаштирмаган ҳолда яшаш учун тақдим этганлиги аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон МЖтКнинг 223-моддаси 3-қисмига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар юзасидан МЖтКнинг 1591-моддаси 1-қисми (ЭКОИҲнинг 5 баробаридан 10 баробаригача миқдорида жарима) тартибида қонуний чора кўришлик учун туман ДСИга юборилди.

Икки нафар вояга етмаганлар бемақсад, ота-онасининг назоратисиз юрганлиги аниқланиб, Тошкент шаҳар ИИББ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.

Худди шу куни ИИББ ходимлари «Тозалаш-Антитеррор» жараёнида Чилонзор туманидаги Jaguar, Shabnam ва Don кафеларида ҳам текширувлар ўтказди. Текширув жараёнида 45 киши шахсини аниқлаш учун ИИББга етказилди. Фоҳишалик билан шуғулланувчи 16 нафар аёлга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, ИИББ Реабилитация марказига етказилди.

Jaguar кафеси яқинида спиртли ичимликлар ичган ва жамоат тартибини бузган ҳолда жанжаллашаётган беш фуқаро қўлга олинди. Уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Юнусобод туманидаги «Ягона» чойхонасида ўтказилган «Тозалаш-Антитеррор» тадбирида қимор ўйинини ўйнаётган уч фуқаро аниқланди. Улардан 810 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари далилий ашё сифатида олиб қўйилди. МЖтКнинг 191-моддаси бўй ича (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, ана шу ўйинлар буюмларини, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади) маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.