Корея Республикасида давлат ташрифи билан бўлиб турган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Сеулнинг фахрий фуқароси унвони берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Жума куни Жанубий Корея пойтахти мэриясида Шавкат Мирзиёевга Сеулнинг фахрий фуқароси унвонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Президентнинг Сеул мэри Пак Вон Сун билан бўлиб ўтган учрашувида замонавий технологиялар асосида шаҳарни бошқариш, транспорт тизими ва уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш бўйича самарали тизимни ташкил этиш соҳасида Жанубий Кореянинг илғор тажрибасидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шаҳарсозлик, архитектура ва ландшафт дизайни соҳаларида ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев халқлар ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига Сеул номи бериш таклифини билдирди.

Июль ойида Сеул мэри Ўзбекистонга ташриф буюрган ва Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган эди.