Тошкентда High Tech City кўп функцияли маъмурий-маиший мажмуа барпо этилади. Ҳамкорликдаги лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув 22 ноябрь куни Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва «POSCO-Daewoo» корпорацияси ўртасида имзоланди.

Ташрифни ёритиш бўйича матбуот марказининг «Газета.uz"га хабар беришича, лойиҳа қиймати 1,4 млрд долларни ташкил этади. Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрида умумий майдони 60 гектардан ортиқ майдонда кўп функционал мажмуани ташкил этиш режалаштирилган. Хусусан, ултра-замонавий услубни ўзида уйғунлаштириш билан бирга, юқори технологияларни (шу жумладан, «ақлли» энергияни тежовчи технологиялар, биноларни автоматлаштириш ва бошқалар) қўллаган ҳолда нозик дид билан офис биноси, савдо ва кўнгилочар майдончалар, турар жойлар ва парк зоналари қурилиши режалаштирилган.

Ҳозирги вақтда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва «POSCO-Daewoo» компанияси вакиллари томонидан ташкил этилган қўшма ишчи гуруҳи ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича умумий консепцияни ишлаб чиқмоқда ва «High Tech City» мажмуасини келажакда жойлаштириш мумкин бўлган вариантларини кўриб чиқмоқда.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон пойтахтида айни пайтда Tashkent City Халқаро маркази қурилиши олиб борилмоқда.