Корея Республикасида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти лавозимидаги фаолиятининг биринчи йили ҳақида корейс тилида «Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев» номли китоб чоп этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг Корея Республикасига давлат ташрифини ёритиш бўйича матбуот маркази хабар қилди.

20 ноябрь куни қаттиқ муқовада 50 минг нусхада чоп этилган китоб 320 саҳифадан иборат бўлиб, 8 бўлимни ўз ичига олади.

Нашрда Шавкат Мирзиёевнинг аввал Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, сўнг Президент лавозимидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилган. Президентнинг Ўзбекистон ва хорижда сўзлаган нутқларидан, жумладан, инаугурация маросимида, Конституция байрамида, БМТ Бош ассамблеясидаги нутқидан ҳамда янги йил байрами табригидан иқтибослар келтирилган.

Китобда Президент Мирзиёев ташаббуси билан барча соҳаларда бошланган жуда муҳим ислоҳотларнинг таҳлилига катта эътибор қаратилган. Иқтисодиётнинг либераллашуви, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ҳимоялаш бўйича аниқ чора-тадбирлар, валюта бозорини либераллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояси, мамлакат вилоятларига нисбатан янги сиёсат, сўз эркинлиги ва конституциявий ҳуқуқ тамойилларини ҳимоя қилиш, жамиятда кузатилаётган умумий демократлаштириш ва либераллашув, буларнинг барчаси Президент Мирзиёев ташаббуси билан бошланган янги ислоҳотларнинг дастлабки натижаларидир.

Китобнинг «2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» номли бобини муаллиф катта қизиқиш билан алоҳида таҳлил қилган.

Китоб муаллифи Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги дўстона алоқаларга алоҳида эътибор қаратган. Айни кунларда Ўзбекистонда корейс диаспораси истиқомат қилаётганига 80 йил тўлгани кенг нишонланаётганини таъкидлаб ўтган.

Асар муаллифи — Инчхон олий мактаби ва Корея хорижий тиллар институти битирувчиси. 1989−1995 йилларда Корея телевидение, радиоэшиттириш ва коммуникация уюшмасида журналист сифатида фаолият юритган. 2003−2016 йилларда «OnbookTV» корейс телеканалининг раиси лавозимида ишлаган. Ноширлик ва адабиёт мавзуларида ҳужжатли фильмлар, бир нечта роман ва эсселар муаллифи. Нашриёт маданиятини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун 2014 йилда Корея Республикаси Бош вазири томонидан Фахрий ёрлиқ билан тақдирланган.

Китоб Корея Республикасида ОАВ соҳасидаги юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган «Uz Kor Economy Media Group» томонидан чоп этилган. Нашриёт таркибида «Uz Kor Economy» (www.uzkoreconomy.com) — корейс тилида Ўзбекистоннинг иқтисодий — сиёсий, гуманитар ва маънавий соҳаларда рўй бераётган ўзгаришлар ва янгиликларни тезкор равишда ёритиб борувчи интернет-газетаси ҳам фаолият олиб бормоқда. Яқин кунларда нашриёт 2 ҳафтада бир марта ҳажми 100 саҳифалик «Uz Kor Economy» босма журналини чоп этишни режалаштирган.