«Ўзбекенгилсаноат» компанияси делегациясининг 16−18 ноябрь кунлари Корея Республикасига уюштирган ташрифи жараёнида умумий қиймати 30 млн доллардан зиёд бўлган ҳамкорликдаги сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича еттита келишувга эришди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифини ёритиш бўйича матбуот маркази «Газета.uz"га маълум қилди.

Posco Daewoo, Color Paradise, Solsang International, RATEL E&T, Korea Factory компаниялари ва Lotte Mart савдо тармоғи раҳбарлари билан учрашувларда 2017−2018 йилларда Ўзбекистондан 70 млн долларлик тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича мақсадлар тўғрисидаги баённомалар ва шартномалар имзоланди.

Корея халқаро савдо ассоциацияси (KITA) ҳамда KTNET миллий электрон савдо платформаси раҳбарияти билан ўтказилган музокараларда 2017-2018 йилларда KOREA Trade электрон савдо майдончаси орқали ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Корея Республикасида илгари суриш, ўзбек компанияларининг Жанубий Кореядаги ваколатхоналари ёки корейс импортчилари ва транспорт компаниялари орқали онлайн режимда божхона расмиятчиликлари бўйича хизматларни кўрсатиш тўғрисидаги келишувларга эришилди.

Youngone Corporation раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар Тошкент вилоятининг Бўка туманида бўяш ва тикиш бўйича, Самарқандда дизайнерлик ва ўқитиш маркази бўлган тикиш бўйича ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек Самарқандда «Эл мероси» маданият маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаш ижтимоий лойиҳаси бўйича лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди. Youngone Corporation томонидан киритиладиган тўғридан-тўғри сармоя миқдори 20 млн доллардан ошади.

Шу билан биргаликда, Daewo Cantavil ва Samwon раҳбарияти билан ўтказилган музокараларда Ўзбекистонда босқичма-босқич кўйлакбоп ва бошқа матолар, мактаб либослари, шунингдек тўқимачилик саноати учун бўёқлар ва кимёвий моддаларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича битимларни имзолаш масалалари ишлаб чиқилди.