Ўзбекистон мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни давлат ташрифи билан борадиган Корея Республикасида учрашув ва музокаралар олиб борди.

«Газета.uz» билан интервьюда вазир мактабгача таълим тизимининг барча муносабатларини замонавийлаштириш йўлидан бораётган Ўзбекистон учун хориж тажрибаси, жумладан Корея Республикасининг мазкур йўналишдаги тажрибаси жуда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

«Мактабгача таълим вазирлиги - бу мутлақо янги маҳкама, биз қарийб нолдан иш бошладик ва биз учун хорижий, жумладан корейс тажрибаси жуда муҳим», - деди Агриппина Шин.

«Бу ерда биз алоҳида эътибор ва назорат остида бўлган болаларни барвақт ривожлантиришнинг барча қирраларини кўрдик. Энг муҳими - бу болага бўлган муносабат ва муҳаббат. Мактабгача таълим муассасаларида боланинг ривожланиши ва унинг хавфсизлиги учун барча ишлар қилинган. Инклюзив таълимга бўлган муносабатни алоҳида таъкидлаб ўтган бўлар эдим», - деди вазир.

Ҳам ўзбек, ҳам корейс томони амалга оширилажак ташриф, хусусан юқори даражадаги музокаралардан жуда кўп натижаларни кутмоқда, дея қўшимча қилди у.

Чоршанба куни Сеулда Ўзбекистонга 2000 дона пианинони беғараз тақдим этиш тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши кутилмоқда. Бу «фарзандларимизнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шароитларни яхшилашга хизмат қилади», деди Агриппина Шин.

«Газета.uz» Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифини ёритиш бўйича матбуот марказига тақдим этилган интервью учун миннатдорчилик билдиради.