Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири в. б. Шерзод Шерматов, олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов ҳамда Тошкентдаги Инҳа университети ректори Сарвар Бобохўжаевдан иборат Ўзбекистон делегацияси Корея Республикасининг етакчи университетлари раҳбарлари билан музокаралар олиб борди.

Учрашувлар Ўзбекистон Президентининг 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига уюштирадиган давлат ташрифи арафасида бўлиб ўтди.

Жанубий Кореяда битирувчилари карьерасида энг яхши натижаларни қайд этадиган университетлар учлиги SKY universities деб номланади. Мазкур қисқартма учта университет номларининг биринчи ҳарфларидан олинган: Сеул миллий университети (Seoul National University), Корё университети (Korea University) ва Ёнсей университети (Yonsei University).

Сермаҳсул ҳамкорликни йўлга қўйиш учун Ўзбекистон делегацияси айнан ушбу университетлар раҳбарлари билан учрашди. Бундан ташқари, Ҳанянг технология университетида (Hanyang University) ҳам учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбек томони корейс ОТМларига Ўзбекистонда филиаллар очиш, жумладан архитектура, шаҳарсозлик ва фуқаролик инженерияси йўналишларида олий таълимни йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди. мазкур масалани ўрганиш учун ишчи гуруҳи ташкил этиш режалаштирилган.

Шерзод Шерматов ва Сарвар Бобохўжаев Корея Республикасидаги Инҳа университети президенти Сунья Чой билан музокаралар олиб бориб, унда Тошкентдаги Инҳа университети таълим дастурларини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди.

Электрон бизнес билан боғлиқ бакалавриат йўналишини очиш зарурлиги қайд этилди. Университетлар вакиллари Тошкентдаги Инҳа университети магистратура дастурларини очиш тўғрисидаги мақсадлар ҳақидаги баённомани имзолашди.

Инҳа университети Тиббиёт мактаби раҳбарияти билан учрашувда мазкур ОТМнинг Тошкентдаги филиали ҳамда унинг клиникасини очиш, жумладан телемедицина хизматларини тақдим этиш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф қилинди. Мазкур масалани ўрганиб чиқиш учун ишчи гуруҳи ташкил этилади.