«Пахтакор» ва «Насаф» футбол клублари Қаршида Ўзбекистон чемпионатининг 29-тури учрашувида содир бўлган ҳодиса сабабли жаримага тортилди, дея хабар қилди Футбол федерацияси матбуот хизмати.

Ўйиндан сўнг, Александр Лобанов майдонни тарк этар экан, «Насаф» клуби мухлислари унинг шаънига нолойиқ сўзларини йўллаб, ҳақорат қилишган. «Пахтакор» дарвозабони эса бунга ноўрин ҳаракатлар билан жавоб қайтарган. Мазкур ҳолат ПФЛ Тартиб-интизом қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилгач, футболчи Александр Лобановнинг ҳаракатлари сабаб унинг жамоаси «Пахтакор» клуби 50 млн сўм, «Насаф» клуби эса мухлисларининг мухлислик маданиятига зид ҳаракатлари сабабли 100 млн сўм миқдорида жаримага тортилди.

Клублар агар келгусида шундай ҳаракатлар такрорланадиган бўлса, бунданда кескинроқ тарзда жазоланиши тўғрисида огоҳлантирилди. Жумладан, «Насаф» клуби мухлислари томонидан шундай ҳаракатлар такрорланса, жамоа келгуси уй учрашувларини мухлисларсиз ўтказиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Пахтакор» раҳбарияти душанба куни Александр Лобановни спортга хос бўлмаган ҳаракатлари учун жаримага тортиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.