Ўтган ҳафтада республика автомобиль йўлларида жами 223 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Натижада, 216 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг матбуот хизматига таяниб ЎзА хабар қилди. Хабарда ҳалок бўлганлар тўғрисида маълум қилинмаган.

Ҳафта давомида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан 89 мингдан зиёд қоидабузарлик аниқланган бўлиб, уларнинг 46 минг 124 таси қўпол қоидабузарлик сифатида қайд этилган. Жумладан, 1 минг 783 ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқаргани, 14 минг 373 нафари белгиланган тезлик талабларини, 1 минг 584 ҳайдовчи светофор ва чорраҳалардан ўтиш қоидасини, 13 минг 739 нафари одам ташиш қоидасини бузгани, 1 минг 343 ҳайдовчи ҳаракат вақтида телефондан фойдалангани, 13 минг 42 ҳайдовчи хавфсизлик камарларини тақмасдан ҳаракатлангани учун тўхтатилган. Уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Қайд этиш жоизки, авваллари ИИББ тезкор маълумотларни эълон қилмаган. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чораларнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги қайд этилганди. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Акмал Юнусов йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалий ишлар бошланганини маълум қилди.

«Ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини ошириш мақсадида таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда, маҳаллаларда соҳа мутахассислари томонидан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузган пиёдаларга нисбатан ходимларимиз томонидан воқеа жойининг ўзида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда», - деди Акмал Юнусов.