20 ноябрь куни тахминан 9:10 атрофида Тошкент ИИББ навбатчилик қисмига Олмазор туманида жойлашган кучайтирилган назоратли руҳий касалликлар шифохонасидан уч нафар шахснинг қочгани ҳақидаги хабар келиб тушди.

ИИББ матбуот хизмати уларнинг номларини келтириб ўтди: Омонов Шерқул Сафарович, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисмида кўрсатиб ўтилган (ўғирлик) жиноятини содир этган, Рашидов Маъруф Махмудович, 104-модда 3-қисмида кўрсатиб ўтилган (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) жиноятини содир этган, Хамраев Ахрор Турсунбаевич, 273-модда 5-қисмида кўрсатиб ўтилган (гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) жиноятини содир этган.

Юқорида кўрсатиб ўтилган шахсларга нисбатан суднинг ажримига асосан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган.

ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, Маъруф Рашидов ва Ахрор Хамраев қўлга олинди.

Тошкент ИИББ аҳолига мурожаат қилиб, Шерқул Омоновни кўрганлар ёки унинг қаерда эканлигини билганлар «102» телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига хабар беришни сўради.

Шерқул Омонов.