«Пахтакор» футбол клуби дарвозабони Александр Лобанов Ўзбекистон чемпионати 29-турида «Насаф"га қарши сўнгги учрашувда спортга хос бўлмаган хатти-ҳаракати учун жаримага тортилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар қилди.

Якшанба куни бўлиб ўтган учрашувда «Пахтакор» голкипери «Насаф"дан мағлубиятга учраганидан (0:4) сўнг трибуна остидаги бинога кириб кетар экан, трибунадаги мухлисларга одобсиз ишора кўрсатди.

Шу муносабат билан «Пахтакор» раҳбарияти йиғилиш ўтказиб, унда Лобановнинг «Насаф» билан беллашувдан сўнг мухлислар провокациясига жавоб қайтариб, уларга нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлгани кўриб чиқилди. Якунда «Пахтакор» дарвозабонининг ўша ҳаракати кескин танқид остига олинди ва Лобановга нисбатан «Пахтакор» футбол клуби томонидан зарур чора кўрилиб, моддий жарима белгиланди. Бундай вазият яна рўй берган тақдирда кескинроқ чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Александр Лобанов Қаршидаги учрашувдан сўнг рўй берган ҳолатдан афсусда эканини маълум қилди. Бунга унинг ўйиндан кейин жуда асабийлашгани сабаб бўлган. Дарвозабон «Пахтакор» футбол клуби ҳамда мухлислардан бунинг учун кечирим сўрайди. Лобанов бундай ҳодиса бошқа қайтарилмаслигига ваъда берди, дейилади хабарда.

Қайд этиш жоизки, мавсум тугашига бир тур қолганда «Локоматив» муддатидан олдин Ўзбекистон чемпиони бўлди. «Насаф» кумуш медални қўлга киритган бўлса, «Пахтакор» бронза медалига сазовор бўлди.