Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифи арафасида Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси раиси Бобур Исломов Сеулда қатор музокараларни ўтказди.

Президент матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, Давлат геология қўмитаси ва корейс ҳамкорлар ўртасида тўртта олтин объектини геологик ўрганиш ва ўзлаштириш бўйича келишувга эришилди. Бошланғич босқичда янги фойдали қазилма конларини топиш бўйича истиқболли майдончаларни геологик ўрганишга 10 млн долларлик корейс сармоясини йўналтириш кўзда тутилган.

Shindong Resources компанияси билан Навоий вилоятида «Саутбай» волфрам конини ўзлаштириш бўйича инвестицион лойиҳани амалга ошириш давом эттирилади. 2018−2019 йилларда хом ашё базасини кенгайтириш бўйича ишларни амалга ошириш режалаштирилган, лойиҳа қиймати 3 млн долларни ташкил этади.

Hanjin D&B компанияси билан геологик ва нефт-газ соҳалари корхоналарини модернизация қилиш учун Ўзбекистон ҳудудида 15 донагача замонавий бурғулаш ускуналарини ишлаб чиқаришни кенгайтириш тўғрисида келишувга эришилди. Алоҳида эҳтиёт қисмлар ва деталларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоизгача етказилади.

Бундан ташқари, Кванжудаги Чоннам Миллий университети билан илмий-техник ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди. Яқин вақтларда Ўзбекистонда қисқа ва ўрта муддатли ўқув курсларини ўтказиш учун корейс томонининг ўқитувчи кадрларини жалб қилиш режалаштирилган.

Ўзбекистон олтин, уран, мис, калий тузи, фосфатлар ва каолин каби долзарб фойдали қазилма турлари захиралари бўйича дунёнинг етакчи ўн давлати қаторидан ўрин олган. Мамлакат ҳудудида 1931 та кон очилган бўлиб, уларнинг 814 таси турли қурилиш материаллари, 624 таси - чучук ва шўр ер ости сувлари, 235 таси - углеводородлар, 152 таси - металлар, 37 таси - кон-руда, 32 таси - кон-кимё, 30 таси - рангли тошлар хом ашёлари ҳамда 7 таси - кўмир ва ёнувчи сланец кони ҳисобланади.

Мамлакат ҳудудининг фақатгина 20 фоизи ўрганилган. Ҳукумат соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш бўйича чораларни амалга оширмоқда. Ҳозирги кунда инвестицион таклифлар портфели геологик ўрганиш учун 111 та, стратегик муҳим қаттиқ фойдали қазилмаларни (олтин, мис, уран, ноёб металлар ва ҳоказолар) қазиб олиш учун 29 та кондан иборат истиқболли майдончалардан таркиб топган. Геология қўмитаси мазкур рўйхатни кенгайтириш бўйича таклифларни тайёрламоқда.