Тошкент бозорларида асосий турдаги маҳсулотларнинг юқори чекланган нархлари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида мунтазам равишда ўрнатиб келинмоқда, дея хабар қилди Ўзбекистон Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси «Газета.uz"га.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент ҳокимияти ва бошқа маҳкамалар томонидан тасдиқланган ноябрь ойи учун юқори чекланган нархлар рўйхати қизғин муҳокама қилинмоқда. Давлат рақобат қўмитасидан қайд этилишича, пойтахтдаги 12 та деҳқон бозорида юқори чекланган нархларнинг ўрнатилиши - бу янгилик эмас, мазкур амалиёт ярим йилдан буён жорий этиб келинмоқда.

«Нархлар ҳар ойда, баъзида эса ҳар 10, 15, 20 кунда ўрнатилмоқда. Ҳозирда тенденция бундай: юқори чекланган нархлар ҳар ойда ўрнатилмоқда», - деди қўмита вакили.

Нархларни кўриб чиқиш муддатларига мавсумий омиллар, талаб ва у ёки бу маҳсулот захиралари таъсир кўрсатади. Масалан, Янги йил арафасида цитрус ва бошқа талаб юқори маҳсулотларнинг юқори чекланган нархлари ҳар ҳафта ўзгаради.

Давлат бозорларидан ташқарида савдо қилувчи тадбиркорлар чекланган нархларни ўзлари белгилаш ҳуқуқига эга, дея қайд этди суҳбатдош.

«Давлатга тегишли бўлган бозорларда асосий маҳсулотлар нархларини маҳаллий ҳукумат органлари белгилайди. Бу аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида қилинади», - дея таъкидлади қўмита вакили.