Жума, 10 ноябрь куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Федерика Могерини «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» вазирларнинг 13-анъанавий учрашувида иштирок этиб, Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш бўйича халқаро анжуманда нутқ қилган эди.

Федерака Могерини учрашув арафасида «Газета.uz"га берган интервьюсида ЕИнинг минтақадаги ўрни, Афғонистондаги вазият бўйича Брюсселнинг позицияси ҳамда марказий осиёлик ҳамкасблари билан муҳокама қилиниши режалаштирилган мавзулар тўғрисида сўзлаб берди.

— Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган вазирлар учрашувида кун тартибига қандай масалалар қўйилган? Бу тадбирдан Сиз нималарни кутяпсиз?

— Марказий Осиёнинг барча давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан ҳамкорликда учрашув ўтказиш бизга масалаларни икки томонлама ҳал қилишдан кўра шу каби форматда очиқ муҳокама қилишнинг ноёб имконини беради. Европа Иттифоқи дунёда минтақавий интеграциянинг энг илғор ва муваффақиятли лойиҳаси бўлганча давлатларнинг умумий масалалар бўйича ҳамкорликда ишлаши манфаатли бўлишини анча олдин тушуниб этган. Ахир биз ҳамкорлик қилганча ўз мамлакатимиз аҳолисининг ҳийла юқори манфаатларини таъминлаймиз. Самарқанд учрашуви мен учун шу каби тадбирларнинг учинчиси бўлади; охирги йилларда мен интеграцияга айнан шундай тенденцияни кузатяпман. Бу ўта ижобий кўриниш, чунки бу тадбир шарофати билан мамлакатлар томонидан ёлғизликда ҳал қилинмайдиган (масалан, чегарага оид сув ресурсларини бошқариш) ёки алоҳида мамлакатларга қараганда минтақа даражасида анча муваффақиятли ҳал қилинадиган масалалар (мисол учун, терроризм ва радикаллаштиришга қарши курашиш) янада кўпроқ инновацион усуллар ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ҳал қилинади. Европа Иттифоқи минтақавий интеграциянинг бу жараёни ва умумий ечим излаш учун музокаралар ўтказишга кўмаклашишга тайёр.

Шу боисдан бизнинг Самарқанддаги учрашувимиз минтақа мамлакатлари учун умумий бўлган масалаларга бағишланади. Биз, албатта, ЕИ ва Марказий Осиё ўртасида бўлганидай, Марказий Осиёнинг ўз давлатлари ўртасидаги иқтисодий ва савдога оид алоқаларни кенгайтириш имкониятларини ҳам кўриб чиқамиз. Хавфсизлик масалалари — сув таъминоти хавфсизлигидан экстремизга қарши курашишгача — эслатиб ўтганимдек, муҳокама қилинади. Аввалги учрашувлар давомида биз қатор биргаликдаги ташаббусларни келишиб олгандик ва мен умид қиламанки, биз бу соҳалардаги ўзаро ҳаракатимиз даражасини оширишимиз мумкин. Албатта, биз инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги тўғрисида ҳам сўзлашамиз. Европа Иттифоқи ҳамиша инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва демократик институтлар тараққиёти тарафдори сифатида фаол ҳаракатлар олиб борган; биз ҳар доим ўзимизнинг марказий осиёлик ҳамкорларимизни келгусида мазкур йўналишда тараққиётга эришишини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

— Жаноби олиялари, Самарқанддаги учрашувда муҳокама қилинадиган хавфсизлик масалалари Афғонистондаги вазият билан чамбарчас боғлиқ. Бу вазиятни Брюссел қандай баҳолаяпти? АҚШ нинг яқин кунлардаги ташаббуслари қанчалик мақсадга мувофиқ, ЕИ ва АҚШнинг Афғонистонга тааллуқли стратегик режаларида тафовутлар борми?

— Афғонистонда Европа Иттифоқининг мақсади — мамлакат аҳолиси учун энг яхши ўзгаришларни яратишдан иборат. Тушунарлики, хавфсизлик нуқтаи назаридан бўлганидай, иқтисодий нуқтаи назардан ҳам Афғонистонда мураккабликлар кўп, бироқ бу бизга маҳаллий аҳолига барқарорлик, тинчлик ва унинг тараққий қилишига олиб келиш учун қўлимиздан келган барча ишни амалга оширишимизга халақит қилмайди. Бир неча ҳафта олдин Европа Иттифоқи томонидан Афғонистонга нисбатан бизнинг кучларимизни ишга солиш жойларини бирмунча ўзгартиришга чорланган янги стратегия тасдиқланди. Бу стратегия Европа Иттифоқи ва Афғонистоннинг умумий устуворлигини тан олишдан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Афғонистон ҳукумати ва бошқа манфаатдор томонлар, шунингдек, халқаро минтақавий субъектлар билан биргаликда Америка Қўшма Штатлари ва Марказий Осиё давлатларини киритган ҳолда биз тўртта муҳим йўналишда ишлаймиз: биринчидан, тинчлик, барқарорлик ва минтақавий хавфсизликни ўрнатиш; иккинчидан, демократия, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилишни мустаҳкамлаш мақсадида тегишли бошқарувни ривожлантириш ва аёлларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини кенгайтириш; учинчидан, иқтисодиёт ва инсоний потенциални таррақий эттиришни қўллаб-қувватлаш; тўртинчидан, миграция муаммоларини ҳал қилиш. Европа Иттифоқининг янги стратегияси — Ҳамкорлик, шериклик ва тараққиёт тўғрисидаги февральда имзоланган янги Битим, шунингдек, июнь ойида ЕИ нинг Афғонистонда Махсус элчиси тайинланганидан кейин навбатдаги ҳужжат бўлиб, бу Европа Иттифоқининг Афғонистон билан ишлашга қатъий тайёрлиги ва унинг бу мақсадларга содиқлигидан далолат беради.

ЕИ ва Марказий Осиё давлатларининг Ташқи ишлар вазирларининг 2016 йил октябридаги аввалги учрашувини ўтказиш вақтида Европа Иттифоқи Брюсселда Афғонистон бўйича Конференция ташкиллаштирди. Ўшанда Афғонистон билан ишлашда халқаро ҳамжамиятларнинг содиқлиги юзасидан билдирилган шубҳага биз биргаликда ҳал қилувчи жавоб бердик: мамлакатда 2017 йилдан 2020 йилгача ислоҳотлар ўтказиш учун халқаро ҳамжамиятлар ажратишни ваъда қилган 13,6 млрд евродан 5 млрд еврони Европа Иттифоқи тақдим этди; Афғонистонга фаровон, тинч келажак қуриши учун ишончли кўмак кўрсатиш мақсади атрофида юзта давлат ва халқаро ташкилотлар бирлашди. Афғонистонда тинчликка эришиш нафақат шу мамлакатнинг барқарорлиги ва гуллаб-яшнаши учун, балки қўшни давлат ва минтақалар учун ҳам ўта муҳим. Ва мен Самарқандда Марказий Осиё давлатларининг вазирлари билан айнан шу ҳақда гаплашаман. Биз тинчликка эришиш томон ҳаракат қилишимиз зарур, бунинг учун эса мамлакат минтақаларига фаол кўмаклашилгани каби ЕИ томонидан минтақанинг ўзини ҳам бир бутун ҳолда қўллаб-қувватлаш зарур.

— Кўпчилик экспертларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон янги раҳбарининг сиёсий ташаббусларини таҳлил қилганча Тошкент қўшнилари билан муносабатларини яхшилаганча минтақада вазиятни ўзгартиряпти. Сизнинг фикрингизча, ушбу тенденция барқарорми?

— Охирги вақтларда бошланган ва олиб борилаётган ислоҳотлар муҳим ва мамлакатнинг ички вазиятига бўлганидай, Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан муносабатига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда ҳамкорлар билан муносабатни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устуворлигидан бири деб атади ва у бу сўзларнинг аниқ ишларда амалга ошиши юзасидан муайян қадамлар қўймоқда. Биз бунинг баъзи натижаларини ҳозирданоқ кўриб турипмиз, хусусан, чегараларни делимитациялар бўйича ташаббуслар, минтақада иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, халқлар ўртақидаги алоқалар ва ўзаро сафарбарликни рағбатлантириш, шунингдек, минтақада шериклик муносабатларини умумий ривожлантириш. Албатта, биз минтақада бизнинг шерикларимиз ўртасида диалогни келгусида тараққий эттириш учун ҳали кўплаб ишлар қилиниши кераклигини тушунамиз, муайян масала ва жиҳатлар эса катта меҳнат ва ишончни талаб қилади, аммо ўзгариш суръати муайян тарзда истиқболли. Замонавий оламда даъватлар алоҳида давлатлар чегаралари билан чекланмаган, тотув қўшничилик муносабатлари ва ҳамкорлик — барқарор ечимларга ягона йўлдир. Европа Иттифоқи бундай ўзаро ҳаракатга интилувчи мамлакат ва минтақаларни қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр.

— Марказий Осиёда Россия Федерацияси, АҚШ ва Хитой асосий кучлар ҳисобланади. Минтақада Европа Иттифоқининг роли кам аҳамиятли деб идрок этилади. Сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз? Вазиятнинг ўзгаришига замин борми?

— Ўтган йили Европа Иттифоқи ташқи сиёсат бўйича ўзининг янги стратегиясини тақдим этди. ЕИ нинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати бўйича глобал стратегиясида биз ўз Иттифоқимизни қандай кўришимиз ва қолганлар қандай кўришини истаган бўлишимиз кўрсатилган: жаҳон миқёсидаги ишончли давлат; хавфсизликни қўллаб-қувватлаш ишониб топшириладиган ташкилот; савдо ва иқтисодиётда алмаштириб бўлмайдиган шерик; тинчлик яратувчи; инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва фуқаролик жамияти таянчи, шунингдек, хизматлари асосида инсоний потенциал ривожланишининг ҳаракатга келтирувчи куч. Бизнинг Иттифоқимиз тизим қоидаларига асосланган серқирра ўзаро ҳаракатни доимий ҳимоялайди ва оммалаштиради. Биз барқарор тараққиёт соҳасида мақсадларга эришиш устида БМТ билан қўлни қўлга бериб иш олиб борамиз: Европа Иттифоқи ва бизнинг аъзо давлатларимиз тараққиёт мақсадида бошқа қолган давлатларни биргаликда олганда берадиганига қараганда каттароқ ҳажмда молиялашни тақдим этади. Биз дунёда техноген ва табиий офатлар вазиятида ҳаммадан кўпроқ муҳтож бўлувчиларга ҳаётий зарур кўмакни кўрсатадиган гуманитар ёрдамнинг энг йирик донори ҳисобланамиз. Европа Иттифоқи Марказий Осиёда сув босиш, вулқон, эр силкиниши, қаҳратон қиш каби табиий офатга дучор бўлган аҳолига, шунингдек, зўравонликнинг ўтмишда авж олиши натижасида зарар кўрганларга, шунингдек, зўравонликнинг ўтмишда авж олиши натижасида зарар кўрганларга алоҳида эътибор ажратганча умумий бюджети 230 млн эврони ташкил этадиган 110 дан ортиқ лойиҳани молиялади. Европа Иттифоқи кучли демократик институтлар, тегишли бошқарув ва қонун устуворлиги, коррупсияга қарши курашиш, савдо эркинлиги, шунингдек, истеъмолчилар ва инвесторларни муҳофаза қилишнинг энг юқори стандартларига амал қилади. Биз ўзимизнинг хорижий шерикларимиз билан хавфсизлик соҳасида, айниқса, ёшлар орасида терроризмнинг олдини олиш ва радикаллаштиришга қарши курашиш каби муҳим масалалар бўйича зич ҳамкорлик қиламиз. Буларнинг барчаси — Европа Иттифоқининг ташқи сиёсатига асос солувчи тамойил бўлиб, бизнинг Марказий Осиё билан ишимизга ҳам тўлиқ татбиқ этилади. Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабати бошқа давлатлар ва кучлар билан рақобатлашиш учун қурилади; бизнинг ҳаракатларимиз минтақада яшовчи одамларнинг турмуш тарзини фақат яхшилашга йўналтирилган. Биз бу билан фахрланамиз ва бизга бутун дунё бўйлаб шунча давлатларнинг алиштириб бўлмас шерик мақомини юклайдиган масъулиятимизни чуқур англаймиз.

— ЕИнинг Марказий Осиёга нисбатан биринчи Стратегияси қабул қилингандан 10 йил кейин ЕИ Кенгаши ЕИнинг минтақадаги стратегиясига тааллуқли хулосаларни тасдиқлади. 2019 йилнинг охирига келиб ЕИнинг Бош Вакили ва Европа Комиссияси янги стратегия бўйича таклифлар тақдим этиши лозим. Шу 10 йил ичида нималар ўзгарди ва Марказий Осиё ҳамда Ўзбекистонда ЕИ ишининг устувор соҳалари қайсилар?

— Ўтган 10 йил давомида Европада бўлганидай Марказий Осиёда ҳам кўп нарсалар ўзгарди. Шунинг учун биз Стратегиямизни қайта кўриб чиқиш ва янгилаш вақти этди, деб ҳисоблаймиз. Янада янги имкониятлар ва таклифлар юзага келди, агар олдинга ҳаракат қилмасак, ортда қолиб кетиш мумкин. Марказий Осиёда яқинда содир бўлган ҳодисалар бизга минтақада ҳамкорлик қилишнинг янги истиқболлларини очиб берди. Ва мен ҳамкорликда ишлашни нафақат Европа Иттифоқи томонидан фаоллаштиришга талаб борлигини, балки минтақадаги барча суҳбатдошларим томонидан аниқ кўриб чиқилаётганини кўряпман. Биз кўпгина соҳаларда марказий осиёлик шерикларимиз билан алоқа ўрнатиб улгурдик ва уларни келгусида ҳам ривожлантиришни истардик. Айтиб ўтганимдек, бизнинг мақсадимиз — бу мамлакатлар халқлари учун ва умуман минтақа учун яхши томонга ўзгаришларни таъминлашдан иборат. Маҳаллий фермерларга уларнинг даромадлари ва турмуш даражаларини ошириш учун янги бозорлар очиш; маҳаллий тадбиркорларни ғоялар ишлаб чиқиш ва уларни ривожлантиришда қўллаб-қувватлаш; минтақада фуқароларнинг фикрлари эшитилиши, шунингдек, уларнинг ҳуқуқларига амал қилиниши учун демократик институтларни мустаҳкамлаш; маҳаллий ҳамжамиятларга барқарор тараққий этишларида ёрдамлашиш; имкониятлар чекланган минтақаларда электр қуввати, сув ва транспорт билан таъминлаш учун инфратузилмани такомиллаштириш, шунингдек, болаларнинг ўз потенциалини тўлиқ рўёбга чиқара олишлари учун таълим сифатини ошириш. Бу Европа Иттифоқи шу вақтга қадар ҳаракат қилган ва янада фаол ҳаракат қиладиган кўплаб соҳалардан баъзилари холос. Хавфсизлик масалалари, шу жумладан, радикаллаштириш ва одамлар ҳамда товарларни ноқонуний ташишга қарши курашиш ҳам трансчегарага оид ҳамкорликни фаоллаштириш зарур бўлган бошқа соҳалар қаторида Европа Иттифоқи каби Марказий Осиё учун бошқа соҳалар қаторида ҳам ўта муҳим бўлиб қолмоқда. Биз белгилаган режалар кенг қамровли ва ижобий; улар биз тўлиқ даражада амалга оширишимиз мумкин бўлган бизнинг олдимизда турган таклиф ва имкониятларнинг умумий устуворлигини акс эттиради.

— Марказий Осиё бўйича қарорлар бир овоздан қабул қилинадими? Сизнинг фикрингизча, у ЕИ Глобал стратегиясида қандай ўрин эгаллайди?

— Европа Иттифоқининг барча давлатлари ҳозир Марказий Осиё билан ишни фаоллаштириш ва минтақада ижобий силжишларни қўллаб-қувватлаш учун муносиб лаҳза эканини яққол англайдилар. Айтиб ўтганимдек, бу ЕИнинг Марказий Осиёдаги Стратегиясини қайта кўриб чиқиш сабабларидан биридир. ЕИ аъзо-давлатлари амалдаги ва бўлғуси Стратегияни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этадилар, ахир Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳасидаги қарори аввалгидек бир овоздан, яъни ЕИ нинг барча 28 та давлати томонидан қабул қилинади. Шубҳасиз, биз бу билан биргаликда ва ўзимизнинг марказий осиёлик шерикларимиз билан доимий келишув асосида шуғулланамиз. Европа Иттифоқи Брюсселда мунтазам равишда учрашувлар ўтказади, ЕИ ваколатхонаси эса марказий осиё мамлакатларида умумий ёндошувларни ишлаб чиқиш учун Иттифоқ давлатларининг элчихоналари билан ўзаро фаолият олиб борадилар.

Марказий Осиё билан бизнинг муносабатларимиз ЕИнинг Глобал стратегияси доирасида белгиланади. Глобал таҳдидлар ва таклифларга жавобан Европа Иттифоқи мамлакатларга уларнинг барқарорлигини ошириш мақсадида кўмак кўрсатишга катта эътибор қаратди, шунингдек, минтақавий ҳамкорлик ва глобал бошқарувга, низо ва инқирозларни ҳал қилишга янада ҳар томонлама ва кенг қамровли ёндашувни ишлаб чиқди. Марказий Осиёнинг барча минтақалари ва унинг ҳар бир давлати — Европа Иттифоқининг муҳим шерикларидир. Бизнинг ишимизни янада фаоллаштириш ва бу шериклик муносабатларини янги даражага олиб чиқиш вақти етди.