Пойтахтдаги оилалардан бирининг уч қизи — Муниса (2010 йилда туғилган), Мухлиса (2011) ва Моҳира (2013) — 8 ноябрь куни тахминларга кўра номаълум этиологияли моддадан заҳарланиш сабабли ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Тошкент ИИББда ўтказилган брифингда шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи Бобир Деҳқонов журналистларга маълум қилди.

Қизчалар истиқомат қилган Олмазор тумани прокуратураси 9 ноябрь куни мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) бўйича жиноий иш қўзғатди.

Айни пайтда опа-сингиллар ўлимига олиб келган аниқ сабабни аниқлаш бўйича тергов тадбирлари олиб борилмоқда. Қизчаларнинг оиласи яшаган уйдан улар истеъмол қилган дори воситалари намуналари олинди. Дори воситалари сотилган дорихонадаги музлаткичдан ҳам намуналар олинди. Бундан ташқари, қизчалар кабоб егандан сўнг ўзларини ёмон ҳис этишни бошлаган кафедан овқат намуналари олинди.

Шу билан биргаликда, комплекс суд-тиббий ва суд-кимёвий экспертизалар ўтказилмоқда. Улар натижалари бўйича тергов ҳаракатларининг кейинги йўналишлари аниқланиб, айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўрилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига санитар-эпидемиология хизматлари ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича хизмат текшируви ўтказиш тайинланди.