Ўзининг тўрт ёшли қизини урганини видеоёзувга қайд этган ички ишлар органларининг собиқ ходими Х.Абдураҳмонов суд қарори билан оталик ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу ҳақда шаҳар прокуратурасининг расмий вакили Бобир Деҳқонов пайшанба куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Октябрда Чилонзор туман прокуратурасига Абдураҳмоновнинг турмуш ўртоғидан мурожаат келиб тушади. У ўз аризасида турмуш ўртоғи болалари билан ўта шафқатсиз муносабатда бўлиши, тўрт ёшли қизини ҳақоратлаб, хафа қилиши, юзи ва танасининг бошқа қисмларига зарбалар бериши айтилади.

Тезкор тергов тадбирларидан сўнг 30 октябрь куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 110-модда 2-қисми «а» ва «в» бандлари бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Тергов жараёнида психологлар ва бошқа мутахассислар жалб этилган ҳолда болалар билан шафқатсиз муносабатда бўлингани ўрганилиб, ўз тасдиғини топди. Абдураҳмоновга нисбатан қамоққа олиш кўринишидаги чора қўлланилди. Бундан ташқари, суд-техник экспертиза белгиланиб, унинг якунлари бўйича Абдураҳмоновнинг телефонидаги маълумот ва материаллар ўрганилади.

Қизча ва унинг акасининг психологик, ҳиссий ва руҳий ҳолатини, шунингдек тан жароҳатлари оғирлиги ва сабабларини ўрганиш учун комплекс суд-тиббий экспертизаси ҳам ўтказилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 19 октябрдаги қарори билан болалар тарбия қилиш учун онасига топширилди ва ҳозирда унинг қарамоғида.

31 октябрь куни Чилонзор туман прокуратураси фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига Абдураҳмоновни болаларга шафқатсиз муносабатда бўлгани учун оталик ҳуқуқидан маҳрум этиш бўйича тақдимнома киритди. Мазкур тақдимнома қондирилди.

Абдураҳмонов ҳақиқатдан ҳам ички ишлар органларида ишлаган, бироқ жиноий иш қўзғатилгандан сўнг ишдан бўшатилган.