Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги илк бор mudofaa.uz манзили бўйича расмий сайтини ишга туширди. Сайт тақдимоти пайшанба куни Тошкентда бўлиб ўтди.

Вебсайт Мудофаа вазирлиги фаолияти очиқлигини таъминлаб, мамлакат Қуролли Кучлари билан боғлиқ тадбирлар ва ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиш, шунингдек жамоатчилик билан алоқаларни яхшилашга хизмат қилади.

Сайтда вазирлик, унинг вазифа ва ваколатлари ҳақидаги ахборотлардан ташқари, бўш иш ўринлари, Мудофаа вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши, Қуролли Кучлар Музейи, Ўзбекистон Қуролли Кучлари тарихи тўғрисидаги маълумотлар ҳам келтириб ўтилган.

Мултимедиа бўлимида эса фойдаланувчилар «Ватанпарвар» телекўрсатуви ва бошқа теледастурлар билан танишишлари, ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги қўшиқларни тинглашлари мумкин. Юридик маслаҳатларни ташкил этиш ва бошқа фойдали ахборотларни эълон қилиш режалаштирилган.

UZINFOCOM маркази томонидан ишлаб чиқилган сайт синов режимида фаолият кўрсатмоқда.