JV MAN Auto-Uzbekistan Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси шаҳарлараро MAN Lion’s Coach автобусларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириб, MAN CLA сериясидаги юк автомобиллари моделлари қаторини кенгайтиради. Бу ҳақда ҚК матбуот хизмати хабар қилди.

«Ўзавтосаноат» ва MAN Truck & Bus AG компаниялари ўртасидаги ҳамкорликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисидаги келишув бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Германияга расмий ташрифи ва Ўзбекистон-Германия бизнес-форуми доирасида имзоланди. Лойиҳа 2018−2019 йилларда JV MAN Auto-Uzbekistan компаниясининг Самарқанд вилоятидаги мавжуд майдончаларида амалга оширилади.

MAN Lion’s Coach — премиум синфга мансуб тўлиқ ҳажмли сайёҳлик автобуслари ҳисобланади. Янги автобусларнинг ишлаб чиқарилиши Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва шаҳарлараро йўловчилар ташиш миқдорини оширишга хизмат қилади.

Бундан аввалроқ JV MAN Auto-Uzbekistan сиқилган табиий газда ҳаракатланувчи паст полли MAN A22 CNG автобусларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирган эди.

Сиқилган табиий газда ҳаракатланувчи двигателга эга MAN CLA юк машиналари ва умумий вазни 50 тонна, двигатель қуввати 440 от кучига тенг MAN CLA самосвалларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳани 2019−2020 йилларда амалга ошириш режалаштирилмоқда.

2009 йилда асос солинган JV MAN Auto-Uzbekistan компанияси 50 дан зиёд номда махсус техникалар, жумладан автобуслар, самосваллар, бетон, сув, чиқинди ташувчи машиналар ишлаб чиқаради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегациясининг Германияга ташрифи чоғида «Ўзавтосаноат» ва Volkswagen компаниялари ўртасида JV MAN Auto-Uzbekistan корхонасида Volkswagen Amarok пикапларини ишлаб чиқаришга ҳам келишиб олинди.