Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 22−25 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлади, дея хабар қилди ЎзА.

Олий даражадаги музокараларда ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.

Давлат раҳбари, шунингдек, Миллий Ассамблея Спикери ва Корея Республикаси Бош вазири билан учрашади, икки давлатнинг етакчи иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари иштирокидаги Ўзбекистон — Жанубий Корея бизнес форумида иштирок этади.

Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентларининг Стратегик шерикликни ҳар томонлама ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доир кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, тижорат келишувлари ва шартномалари имзоланиши кутилмоқда.