JV MAN Auto-Uzbekistan Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси Volkswagen Amarok пикапларини ишлаб чиқаришни бошлайди. Ҳамкорликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисидаги келишув бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Германияга расмий ташрифи ва Ўзбекистон-Германия бизнес-форуми доирасида имзоланди. Лойиҳа 2018−2019 йилларда амалга оширилади, дея хабар қилди JV MAN Auto-Uzbekistan матбуот хизмати.

Келишув Ўзбекистонга янги автоишлаб чиқарувчи - Volkswagen брендининг кириб келишини англатади. Мазкур компания автотранспорт воситалари ишлаб чиқариш бўйича жаҳондаги етакчи учталик рўйхатидан ўрин олган.

Amarok — Volkswagen моделлар гуруҳи тизимидаги ўрта ҳажмли пикап ҳисобланади. Автомобиль бошқарувчанлик, улкан асосий чироқлар, юқори юк ташувчанлик ва бошқа техник хусусиятлар - доимий тўлиқ 4MOTION узатмалар, 8 босқичли тезлик узатиш қутиси ва 3 литр ҳажмга эга V6 TDI мотор билан ўз синфида алоҳида ажралиб туради.

JV MAN Auto-Uzbekistan катта ҳажмли (юк ташиш хусусияти 15 тоннадан 50 тоннагача) юк машиналари ва йўловчи техникалари ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Корхонага 2009 йилда асос солинган ва Самарқанд вилоятида жойлашган. Компания 50 дан зиёд номда махсус техникалар, жумладан автобуслар, самосваллар, бетон, сув, чиқинди ташувчи машиналар ишлаб чиқаради.

Volkswagen AG қароргоҳи Вольфсбургда (Германия) жойлашган бўлиб, дунё ва Европадаги энг йирик автоишлаб чиқарувчилардан ҳисобланади. 2016 йилда компания 10,3 миллиондан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарди Концерн таркибида 12 та бренд мавжуд бўлиб, уларнинг 7 таси: «Volkswagen — енгил автомобиллари», Audi, Seat, Skoda, Bentley, Bugatti, Lamborghini, Porsche, Ducati, «Volkswagen тижорий автомобиллари», Scania ва MAN Европа брендлари ҳисобланади.