Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш бўйича таълим маркази ташкил этилади. Вазирлар Маҳкамаси 13 ноябрь куни шу ҳақдаги қарорни имзолади.

Сурхондарё вилоятининг Афғонистон билан чегарадош Термиз туманидаги Янгиариқ қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи биносида фаолият кўрсатувчи марказ гуманитар, педагогик ва муҳандислик-техник йўналишларда олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича кадрларни тайёрлаш, шунингдек кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланади.

Таълим афғон томонининг аризасига мувофиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасдиқлаган ўқув режалари ва дастурлари асосида кундузги ёки сиртқи шаклларда амалга оширилади. Ўқиш муддати тезлаштирилган шаклда бўлиши мумкин. Академик гуруҳлар белгиланган мақсад, миллий-маданий ўзига хосликлар ва таълим тилига боғлиқ равишда турлича шакллантирилиши мумкин. Чет эл фуқаролари учун ўрнатилган тўловларнинг ярми «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан қопланади.

Марказ янги талабалар шаҳарчасига жойлаштирилиб, унда ётоқхоналар, тиббий хизмат кўрсатик пунктлари, ошхоналар, новвойхоналар, чакана савдо шохобчалари ва бошқалар учун ўринлар бўлиши кўзда тутилган.