2016 йилда ва жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати органлари томонидан мамлакат аҳолисини ноқонуний меҳнат ва жинсий мақсадларда фойдаланиш учун хорижга олиб чиқиб кетиш фаолияти билан шуғулланган 216 нафар фуқаро фаолиятига нуқта қўйди. Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда МХХ душанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Хорижга норасмий йўллар билан чиқиб кетган меҳнат мигрантлари кўпроқ одам савдоси қурбони бўлмоқда. Улар ҳеч қандай расмий мақомга эга бўлмаган ҳолда қийин вазиятларда меҳнат қилмоқда. Хусусан, паспортлари олиб қўйилмоқда, айрим ҳолларда ойлик маош қисман тўланса, баъзи вазиятларда мутлақо берилмасдан, антисанитар шароитларда сақланмоқда.

Ўзбекистон фуқаролари асосан Россия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Украина орқали БАА, Туркия, Осиё-Тинч океани давлатлари, АҚШ ва Европага етказилмоқда. Ўзбекистонликлар ушбу давлатларга миллий ёки бошқа давлатларнинг сохта виза ва чиқиш қайдлари бўлган сохта паспортларидан фойдаланилган ҳолда олиб чиқиб кетилмоқда.