14 ноябрь куни Мадрид шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Испания ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Алфонсо Дастис икки давлат ўртасида авиақатнов тўғрисидаги битим ва мамлакатлар ҳукуматлари ўртасида халқаро автомобиль ташувлари тўғрисидаги битимни имзолади.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур ҳужжатлар транспорт-коммуникация соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратади, шунингдек, икки мамлакат миллий юк ташувчиларининг қатнов географиясини кенгайтиш имконини беради.

Ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари учрашувида ўзаро товар айланишининг ўсиши, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳар икки томон учун ҳам бирдек фойдали эканлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон ва Испания ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини ўрнатиш ва кенгайтириш учун дипломатик қўллаб-қувватлашга томонлар тайёр эканликлари тасдиқланди. Шунингдек, учрашувда туризм соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.