Ўзбекистон фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик тўғрисидаги хабардорликни ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик механизмлари ва қайта алоқа каналини яратишни таклиф қилишди.

Таклифлар 13 ноябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти вакиллари ҳамда Ўзбекистон фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари — Шуҳрат Ғаниев, Елена Урлаева, Ўктам Пардаев, Хаидбой Якубов ва бошқалар билан бўлиб ўтган учрашувда илгари сурилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, ХМТ бош директори маслаҳатчиси Кари Тапиола Ўзбекистоннинг жорий йилда пахтачиликда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасидаги ижобий кайфиятини қайд этиб ўтди.

Human Rights Watch вакили Стив Свердлов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида ХТМ билан болалар ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича ҳамкорлик олиб борилаётгани таъкидлаб ўтилганига ижобий баҳо берди.

Суҳбатдошлар муносиб меҳнат шароитларининг яратилиши, пахта терими кампаниясида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўқ қўймаслик каби қатор масалаларни муҳокама қилишди.