Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан расман қизамиқ ва қизилчани бартараф этган мамлакат сифатида тан олинди. Мамлакат 2014 йил январдан 2016 йил декабрига қадар мазкур касалликларни йўқ қилишга эришди, дейилади ЮНИСЕФнинг Тошкентдаги ваколатхонаси хабарида.

Мамлакатда эмлаш даражаси биринчи вакцинацияда 99,5 фоиз, такрорий вакцинация эса 99,7 фоизни ташкил этди (2016 йилги маълумот).

«14 ёшгача болалар Ўзбекистон аҳолисининг 27 фоизини ташкил этади. Иммунизация соғлиқни сақлашда бўлғуси авлодлар учун қилишимиз мумкин бўлган энг муваффақиятли ва иқтисодий самарадор инвестиция ҳисобланади», — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн.

ЮНИСЕФ мамлакат ҳукуматига янги вакциналарни харид қилиш ва жорий этишда кўмаклашади. Сўнгги ўн йиллик давомида Ўзбекистон вакциналарни барқарор ва етарли даражада харид қилишга ўтмоқда. 2010 йилда мамлакатга етказиб берилган 90 фоиз вакцина давлат бюджети ҳисобига сотиб олинган эди. 2020 йилга келиб мамлакат вакцина сотиб олишда тўлиқ мустақил бўлишни режалаштирмоқда.