9 ноябрь куни АҚШ Президенти ёрдамчисининг ўринбосари, Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича бош директор Лиза Кертис Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди, дея хабар қилди АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати.

Томонлар 31 октябрь куни Нью-Йоркда содир этилган террор ҳужумини муҳокама қилиб, умумий таҳдидларга қарши ҳамкорликни оширишга келишиб олишди. Лиза Кертис Ўзбекистоннинг яқиндаги иқтисодий ислоҳот, адолатли меҳнат тажрибаларининг ўсиши ва минтақавий муносабатлари яхшиланаётганини қўллаб-қувватлади.

Учрашувда Жанубий Осиё бўйича янги стратегия ва икки томонлама ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Лиза Кертис Америка Қўшма Штатлари тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати ва минтақадаги ҳамкорлар билан ишлашга содиқ эканини таъкидлади.