Тошкент ИИББ ходимлари пойтахт бозорларида сотиб олинган идиш-товоқларни алдов йўллари билан шаҳарнинг ҳар хил туманларида қиммат нархларда қайта сотган чет эл фуқаролари шахсини аниқлади.

ИИББ сайтида хабар қилинишича, ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 6 ноябрь куни тўрт нафар циган миллатига мансуб бўлган Молдова Республикаси фуқаролари —Ненита Матфей (1991 йилда туғилган), Кира Еримей Игоревич (1995), Радукан Никита (1992) ва Ненита Михаил (1973) аниқланди. Улар Тошкент шаҳрида жойлашган меҳмонхонада вақтинча яшаб келаётган бўлган.

5 ноябрь куни эса икки нафар циган миллатига мансуб бўлган Молдова фуқаролари —Плешко Александр (1991 йилда туғилган) ҳамда Чеботарь Александр (1987) қўлга олинган эди.

Мазкур шахслар Чилонзор туманидаги «Абу Сахий» бозоридан ошхона анжомлари, идиш-товоқ комплектлари ва шу каби бошқа буюмларни арзон нархларда сотиб олиб, уларни Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг атрофида, бозорларда ҳамда супермаркетларда гўёки мазкур буюмлар Европа давлатларида ишлаб чиқарилганлигини билдириб, харидорларни алдаш орқали қиммат нархларга сотиб келаётгани маълум бўлди.

ИИББ сайтида юқорида тилга олинган шахсларнинг жавобгарликка тортилгани тўғрисида маълумот бермаган. Бошқарма фақатгина фуқароларни бозорларда, маҳаллаларда ва бошқа жамоат жойларида турли шахслардан буюмлар сотиб олишда огоҳликка чақирган.

«…харид қилишдан аввал буюмнинг ҳақиқий эканлиги, ишлаб чиқарилган жойи, сифати ҳамда нархига эътибор беринг ва бу орқали алданиб қолишингизни олдини олинг», — дейилади ИИББ хабарида.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда Европада ишлаб чиқарилган, дея сотилган, бироқ сифати талабларга жавоб бермайдиган идиш-товоқлар савдоси тўғрисида бир неча бор хабарлар эълон қилинган эди.