Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 18 октябрдаги қарори билан рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тўплаш, топшириш ҳамда қайта ишлашнинг ягона тизими тасдиқланди.

«Тошкент рангли металл парчалари, чиқиндиларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи» «Ўзбекистон рангли металл парчалари, чиқиндиларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи"га айлантирилди. Эндиликда ушбу корхона мамлакат ҳудудида рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тўплаш ва топшириш билан шуғулланувчи ягона муассаса ҳисобланади.

«Ўзиккиламчиранглиметалл» Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси таркибига киритилди.

Ҳужжатда таркибида рангли металлар бўлган ускуналар, парчалар ва чиқиндиларни қабул қиладиган ноқонуний пунктлар фаолият кўрсатиши, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг уларни тўплаш, тайёрлаш, сақлаш, фойдаланиш ҳамда топшириш бўйича ноқонуний фаолиятига чек қўйиш вазифаси топширилди.

Бундан ташқари, ташкилотлар, муассасалар, қурилиш майдонлари ва бошқа объектларда таркибида рангли металлар бўлган ускуналар, парчалар ва чиқиндиларни, шу жумладан қабристонлардаги рангли металлардан тайёрланган ёдгорликлар ҳамда панжараларнинг ўғирланиши, уларга зарар етказилиши ва ноқонуний муомалада бўлишининг олдини олиш бўйича чоралар кучайтирилиши лозим.