Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Шароф Рашидовнинг қизи Сайёра Рашидова Жиззахда Шароф Рашидов ҳайкалини очди. Маросим давлат арбоби ва ёзувчи таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Президент ўз нутқида Шароф Рашидов оддий халқ орасидан чиққани, ноёб ақл-заковати, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги билан катта обрў-эътибор қозонгани, халқимизга садоқат билан ҳалол хизмат қилганини таъкидлади. Шароф Рашидов умр бўйи ўз халқига, барча соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшади, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак гуманистик ғояларга доимо содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди, деди Президент.
Тадбирда академики Оқил Салимов, меҳнат фахрийси Исмоил Жўрабеков, учувчи-космонавт Владимир Жонибеков, меҳнат фахрийси Қаллибек Камалов, Шароф Рашидовнинг қизи, академик Сайёра Рашидова ва бошқалар Шароф Рашидов билан боғлиқ хотиралари, у кишининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўзлади.