1 октябрь ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси йил бошидан буён 391,4 минг киши ёки 1,2 фоизга ошиб, 32 миллион 511,9 минг нафарга етди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг чораклик ҳисоботида сўз боради.
Шаҳар аҳолиси сони 16 миллион 451,9 минг кишини ёки умумий аҳолининг 50,6 фоизи, қишлоқ аҳолиси эса 16 миллион 60 минг киши ёки 49,4 фоизни ташкил этди.
Январь-сентябрь ойларида туғилишлар сони 523,6 мингни (2016 йил январь-февралида — 532,4 минг киши ёки 8800 нафар кўпроқ), туғилиш коэффициенти 21,7 промиллени ташкил этди.
Туғилиш коэффициенти Хоразм (20,7 дан 19,5 промиллегача), Бухоро (20,6 дан 19,5 гача), Фарғона (21,9 дан 20,8 гача), Тошкент (20,2 дан 19,2 гача), Қашқадарё (24,7 дан 23,8 гача), Наманган (23,5 дан 22,6 гача), Андижон (22,9 дан 22,1 гача), Навоий (22,3 дан 21,7 гача) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (20,7 дан 19,5 промиллегача) энг кўп камайган.
Йилнинг тўққиз ойи давомида вафот этганлар сони 116,9 минг кишини (2016 йилнинг шу даврида — 108,9 минг ёки 8000 тага кам) ташкил этди, ўлим коэффициенти 4,8 промилледан (4,6 промилле) иборат бўлди.
Мазкур кўрсаткич бўйича Андижон (4,8 дан 5,3 промиллегача), Наманган (4,3 дан 4,8 гача), Жиззах (3,9 дан 4,3 гача) вилоятларида энг юқори ўсиш қайд этилди. Қашқадарё (4,1 промилле), Бухоро (4,3), Жиззах (4,3) ва Самарқанд (4,3) вилоятларида ўлим даражаси энг паст бўлган.
Жами ўлим ҳолатларининг 60,5 фоизига қон айланиш тизими касалликлари сабаб бўлган бўлса, 9,2 фоизи — янги пайдо бўлган, 6,2 фоизи — бахтсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва жароҳатлар, 5,6 фоизи — овқат ҳазм қилиш органлари, 4,9 фоизи — нафас олиш, 1,7 фоизи — инфекцион ва паразитар ҳамда 11,9 фоизи — бошқа хасталиклар сабабли содир бўлган.
Январь-сентябрь ойларида ФҲДЁ идораларида 192,7 минг никоҳ ва 23,6 минг ажрим қайд этилди.
Тўққиз ой давомида мамлакатга 120,8 минг киши келиб, 136,1 минг киши чиқиб кетди. Миграция сальдоси минус 15,3 минг кишини ташкил этди. 2016 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 20,7 минг кишидан иборат бўлган.