Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси реал вақт режимида бирор жойнинг ўзида фуқаролар шахсини аниқлаш бўйича синов лойиҳани бошлади. Бунда планшет компьютерларидан фойдаланилади. Ушбу лойиҳа ҳақида пайшанба куни бўлиб ўтган ҳар ҳафталик брифингда ИИББ Патруль-пост хизмати бригада командири ўринбосари подполковник Азиз Султонов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, планшетлар ёрдамида нафақат фуқароларнинг яшаш жойи, балки бармоқ изи ёки юзни таниш технологиялари ёрдамида уларнинг шахси ҳам аниқланади. Лойиҳа «Хавфсиз шаҳар» концепциясининг бир қисми бўлади.

Планшетлар ёрдамида ички ишлар органлари ходимлари навбатчилик қисми билан боғланиб, фуқаронинг исми ва фамилияси бўйича судланганлик мавжудлигини, шахснинг қидирувда эмаслиги ёки бедарак йўқолмаганини аниқлаши мумкин.

ИИББ вакили Ўзбекистон ИИВ тузилмаларида «тезда компьютерлаштириш» жараёни кечмоқда. «Буларнинг барчаси ходимларнинг мобиль, тез ва самарали ишлашлари учун қилинмоқда. Улар бир кишининг шахсини аниқлаш учун икки соат эмас, балки беш дақиқа сарфлашлари учун. Синов лойиҳаси давомида биз энг мақбулини танлаб олиш учун турли ускуналарни тестдан ўтказамиз», — деди Азиз Султонов.

ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг таъкидлашича, планшетлар хориждан келтирилиши мумкин, аммо дастурий таъминот маҳаллий бўлади.

Журналистларнингысаволларига жавоб берган Азиз Султонов Тошкентда кечки вақтларда кўча ва жамоат жойларида юриш тақиқланмаганини маълум қилди.

«Фуқаролар кечаси кўчаларда муаммосиз юришлари, сайр қилишлари, ишга боришлари, ундан қайтишлари мумкин. Ички ишлар органларининг кечки вақтларда ўтказаётган тадбирлари профилактик аҳамиятга эга бўлиб, ҳуқуқбузарликлардан огоҳлантиришга қаратилган», — деди у.

Бундай тадбирлар доирасида жиноят содир этишга мойил, шубҳа уйғотувчи ва «бемақсад сайр қилувчи» кишилар текширилади.

Профилактик тадбирлар ва янги технологиялардан фойдаланиш ҳисобига жорий йил 10 ой давомида 146 нафар қидирувдаги шахс қўлга олинди, ППХ ходимлари 1443 жиноятни очиб, 250 тасини олдиндан бартараф этди, шунингдек 138,8 минг ҳуқуқбузарлик аниқланди.

АКТдан фойдаланиш бўйича Тошкент тажрибаси босқичма-босқич Ўзбекистоннинг барча вилоятларида татбиқ этилади.