Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди душанба куни Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Исломбек Тўлагановга нисбатан май ойида курсдоши билан муштлашувда унинг ўлимига сабаб бўлгани учун олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Исломбек Тўлаганов (1999 йилда туғилган) июнь ойи бошида коллежнинг бошқа ўқувчиси Жасурбек Ибрагимовга оғир тан жароҳатлари етказиб, унинг ўлимига сабаб бўлганлик айби бўйича ҳибсга олинган эди.

Тергов жараёнини Ўзбекистон бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев шахсан назоратига олди.

3 май куни Жасурбек Ибрагимовга оғир тан жароҳатларини етказганлик далили бўйича Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисм «д» банди (жабрланувчининг ўлимига олиб келган оғир тан жароҳатини етказиш) аломатлари бўйича жиноий иш қўзғатилди.

«Суд жараёнида 1999 йилда туғилган Исломбек Тўлаганов… „жабрланувчининг ўлимига олиб келган оғир тан жароҳатини етказиш“ жиноятини содир этганликда айбдор деб топилди ва умумий тартибли колонияда олти йил муддатга озодликдан маҳрум этилди», — деди раислик қилувчи судья Матчонбой Матчонов.

Судда юзага келган жанжал натижасида Исломбек Тўлаганов Жасурбек Ибрагимовга оғир тан жароҳатларини етказгани аниқланди. Олинган жароҳатлардан сўнг Жасурбек Ибрагимов бир ой давомида бешта операцияни бошдан кечирган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлай олмади.

ЖКнинг 85-моддасига мувофиқ, ўн олтидан ўн саккизгача ёшдаги оғир жиноятларни содир этган шахслар 7 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилади. Бундан ташқари, судланувчининг жиноятни содир этган вақтда вояга етмагани, аввал судланмагани, содир этилган жиноят хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, яшаш жойидан ижобий мазмундаги тавсифнома берилгани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳам инобатга олинди.

Раислик қилувчи марҳумнинг онаси Нилуфар Алиеванинг жиноятни фақатгина Исломбек Тўлаганов эмас, балки бошқа бир неча шахс иштирок этгани тўғрисидаги гумони бўйича изоҳ берди.

«Тергов ва суд жараёнида аниқланган объектив маълумотларга кўра, судланувчи Исломбек Тўлаганов, гувоҳ Темиров Тўлаганов ва Ибрагимов яккама-якка муштлашгани, бошқа болалар эса бу пайтда жанжалга аралашмагани, Ибрагимовнинг ўлимига фақатгина Тўлаганов етказган тан жароҳатлари сабаб бўлгани тўғрисида гувоҳлик берган», — деди Матчонбой Матчонов.

2-сонли болалар жарроҳлиги ҳамшираси Малика Сиддиқованинг кўрсатмалари ҳисобга олинмади, бунга унинг жиноятнинг бошқа иштирокчилари номларини айта олмаган ва бу ҳақда дарҳол ҳодисадан сўнг эмас, балки «ҳозиргина» маълум қилгани сабаб қилиб келтирилган.