Пойтахтда душанба куни «Тошкент-Андижон (Ўзбекистон)-Ўш-Иркештом (Қирғизистон)-Қошғар (Хитой)» йўналиши бўйлаб халқаро синов автосафари бошланди.

Маросимда уч мамлакат ҳукумати вакиллари сўзга чиқди. Улар «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» транспорт коридорининг ишга туширилиши ташқи савдони диверсификация қилиш ва минтақага юкларни етказиб бериш муддатларини қисқартиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

Ташқи савдо вазирлигидан «Газета.uz"га хабар қилинишича, синов автосафарида уч мамлакатдан тўққизта автомашина иштирок этади. Автокарвон жами 900 км масофани босиб ўтади. Ушбу масофанинг 260 километри Қирғизистон, 250 километри эса Хитойнинг Синьцзян-Уйғур автоном тумани ҳудудидан ўтади.

Автокарвон ушбу масофани қулай об-ҳаво шароитида ва чегарадан ўтишларда навбатларсиз 50−60 км/с тезликда икки кун ичида босиб ўтади.

Қирғизистондаги Сариташ шаҳарча-посёлкаси ва Иркештом довони (денгиз сатҳидан 3000 м баландликда) каби нуқталар Фарғона водийсидан Хитойга олиб борувчи автомобиль йўлининг энг мураккаб қисмлари ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ташувлар асосан Қозоғистон-Хитой ўтказиш пунктлари орқали темир йўл транспорти ёрдамида амалга оширилади. Бу харажатлар ва ташиш вақтларининг сезиларли даражада ортишига олиб келмоқда.

Битта контейнернинг 1570 км масофа орқали темир йўл орқали олиб келиш харажати 2600 долларни ташкил этса, янги очилаётган автомобиль йўналишида Андижон гача бўлган 600 км масофада бу харажатлар 20 фоиз арзонроққа тушади.

Янги коридор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 11−13 май кунлари Хитойга уюштирган давлат ташрифи жараёнида эришилган халқаро автомобиль алмашинуви тўғрисидаги ҳукуматлараро келишув самараси ҳисобланади.