Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ер усти халқа метро линияси қурилиши билан танишди, дея хабар қилди ЎзА.

Умумий узунлиги 52,1 километрдан иборат мазкур метро йўналишининг 50,5 километри баландлиги 6 метрлик эстакадалар орқали ўтказилади, 1,6 километри ер устида қурилади.

2017−2021 йилларга мўлжалланган лойиҳа беш босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқичда Тошкент метрополитенининг «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган қисми қурилади. Узунлиги 11 километр бўлган ушбу қисмда саккизта бекат бунёд этилиши мўлжалланмоқда.

Иккинчи босқич Қўйлиқ бозори билан «Олмазор» бекатини боғлайди. Учинчи босқичда «Олмазор"дан «Беруний» бекатигача бўлган қисм барпо этилади. Кейинги босқичда иншоот «Беруний"дан «Бодомзор» бекатигача қурилади, сўнгги босқичда «Дўстлик» бекатига уланади.

Айни пайтда эстакадалар учун монолит усулда бетон устунлар қуйиш ишлари бошланди. Қурилиш «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўприк қурилиш трести» унитар корхонаси бунёдкорлари томонидан амалга оширилмоқда.

«Ҳар томонлама қулай, арзон ва хавфсиз бўлган мазкур транспорт тармоғи барпо этилиши пойтахтимиз учун улкан иқтисодий-ижтимоий аҳамиятга эга», — деди Шавкат Мирзиёев. Президент янги линияни 2020 йилгача фойдаланишга топширишга кўрсатма берди.

Худди шу куни давлат раҳбари Tashkent City халқаро бизнес маркази бўлади. Мазкур замонавий комплекс пойтахтимизнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилади. Лойиҳага мувофиқ Tashkent Cityда бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилади.

Ҳозирги кунда ҳудудни қурилишга тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. Марказни лойиҳалаштириш ва қуришга мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг етакчи лойиҳа институтлари, чет эллик инвесторлар жалб этилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Tashkent Сity халқаро бизнес маркази ҳудудидаги объектларни қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича дирекция тузилган.

Президент Тошкент бўйлаб сафари жараёнида Кичик халқа йўли ва Фарғона йўли кўчалари кесишган жойда қурилган йўл ўтказгични ҳам бориб кўрди. 2008 йилда демонтаж қилинган мазкур участка давлат раҳбари топшириғи билан ёз давомида қайтадан қурилган эди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманида қуриб битказилган «Ашхобод сайлгоҳи"ни бориб кўрди. Умумий майдони 10 гектардан ортиқ бўлган ушбу сайлгоҳга кираверишда катта фаввора қурилган. Манзарали дарахтлар ўтқазилиб, ўриндиқлар ўрнатилган. Президент сайлгоҳ атрофи, унга туташ ҳудудларни янада ободонлаштириш бўйича топшириқлар берди.