Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ХХР Раиси Си Цзиньпинни Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси бош котиби лавозимига қайта сайлангани ва ХКП 19-қурултойи муваффақиятли якунлангани муносабати билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Шавкат Мирзиёев барча соҳаларни модернизация қилиш ва мамлакатни инновацион янгилашни тезлаштириш бўйича эълон қилинган режа Хитойнинг ҳар томонлама жадал ривожланиш йўлидан янада ишонч билан олға интилиши, глобал таъсирга эга етакчи мамлакатлардан бири сифатида унинг жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги роли ва ўрнини мустаҳкамлашига ишонч билдирди.

«Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз шарофати билан бугун Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар юқори даражага кўтарилди», — дейилади мактубда.

«Биз гидроэнергетика ва нефть-газ соҳалари, транспорт-коммуникация тармоқларини қуриш ва модернизация қилиш, юқори технологиялар соҳасидаги кооперациялар каби стратегик муҳим лойиҳаларни амалга оширишга киришдик. Парламентлараро ва ҳудудлараро алоқалар жадал тус олмоқда, маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда», — дея қайд этилади табрикда.

Унинг фикрича, буларнинг барчаси улкан салоҳиятга эга кўп қиррали ўзбек-хитой ҳамкорлиги янада чуқурлашиши, сермаҳсул алоқаларнинг янги йўналишларини қамраб олишига мустаҳкам ишонч беради.