Кадирбай Бектурдиев Ўзбекистон Президентининг 24 октябрдаги фармони билан халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Кадирбай Бектурдиев (1979 йилда туғилган) Қорақалпоғистон давлат университетини тамомлаган. 1999—2004 йилларда Кегейли туманидаги 23-мактаб ўқитувчиси ва директор ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2004 йилдан 2006 йилгача методист, шундан сўнг Нукус шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимида катта мутахассис сифатида фаолият кўрсатган.

2006—2015 йилларда Халқ таълими вазирлигида турли лавозимларда ишлаган. 2015 йилдан 2017 йилгача Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигини бошқарган.

Президентнинг 17 ва 19 октябрдаги фармонлари билан Дилшод Кенжаев ва Жаҳонгир Сидиқов ХТВ раҳбари ўринбосари лавозимларига тайинланган эди.