Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан 25 октябрь куни давлат ташрифи билан Туркияга келди, дея хабар қилди ЎзА.

Анқара шаҳридаги Эсонбуға халқаро аэропортида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Туркия бош вазири ўринбосари Бекир Боздағ ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Аэропорт икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган. Ўзбекистон делегацияси шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади.

Музокаралар якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ишбилармон доиралар ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар учун қулай шароитлар яратиш, сайёҳлар алмашинуви ва маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган кўплаб ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Ўзбекистон делегациясининг Истанбул шаҳрига ташриф буюриши ҳам мўлжалланган.