«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси келгуси йилдан бошлаб янги лайнерларни харид қилиш ёки ижарага олиш йўли билан самолётлар паркини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Авиаташувчи парвозлар географиясини кенгайтириш, жумладан маҳаллий йўналишларда рейсларни ташкил этишни мўлжаллаган.

МАК А320 оиласига мансуб 4 дона классик намунадаги Airbus ҳамда яхшиланган талқиндаги F320neo (new engine option) самолётини сотиб олиш мақсадида 10 та йирик халқаро лизинг компанияларига тижорий таклифларни юборди. Янгиланган самолётнинг янада тежамкор двигателлари ва яхшиланган фюзелаж конструкцияси эксплуатация харажатларини сезиларли даражада камайтиришга имкон беради.

МАК матбуот хизмати маълумотларига кўра, лизинг масаласида биринчи учрашув мумтоз А321 таклиф этган компания билан ўтказилди. Яқин вақтлар ичида бошқа компаниялар билан музокаралар ўтказилади. Аэробуслар 2018 йилдаёқ харид қилиниши лозим.

МАК вакили Boeing компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича маркетинг директори Исмоил Роббан билан ҳам учрашди. У билан парвозлар географиясини кенгайтириш, ташилаётган йўловчилар сонини ошириш ва ҳаво кемалари паркини 2030 йилгача даврда тўлдириш масалалари муҳокама қилинди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» йўловчилар учун борт таомномасини такомиллаштириш, янги намуналарни ишлаб чиқишга Тошкентнинг етакчи ресторанларини жалб қилиш бўйича режалар тўғрисида ҳам хабар қилди.

Айни пайтда «Кетринг» давлат унитар корхонаси кунига 4000 комплектдан зиёд борт таомномасини ишлаб чиқармоқда. Овқатланиш рациони ҳар мавсумда янгиланади.