Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни «Туркия Республикаси фуқаролари учун виза жараёнларини соддалаштириш тўғрисида"ги қарорни имзолади, дея хабар қилди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Ҳужжатда қайд этилишича, у Ўзбекистоннинг Туркия билан сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлигини жадаллаштиришга қаратилган.

Ўзбекистонга ишбилармонлик мақсадида ташриф буюрувчи Туркия фуқароларига бир йилгача муддатдаги кўп марталик визалар уч иш куни давомида (ҳужжатлар қабул қилинган кун ҳисобга олинмаганда) Ўзбекистоннинг хориждаги муассасалари томонидан расмийлаштирилади. Бунда Ўзбекистондаги юридик шахсларнинг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига таклифнома юбориш сўраб мурожаат қилиш талаби бекор қилинди.

Ўзбекистонга сайёҳ сифатида ташриф буюрувчи Туркия фуқароларига бир ойгача муддатдаги визалар ҳам уч иш куни давомида (ҳужжатлар тақдим этилган кун ҳисобга олинмаганда) расмийлаштирилади. Туристик ваучер ҳамда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа сайёҳлик ташкилотлари таклифномаларини тақдим этиш талаби бекор қилинди.