Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори, сенатор Агриппина Шин мактабгача таълим вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz» га ҳукуматдаги манба маълум қилди.

Бунга қадар халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаб келган Собитхон Турғунов вазир ўринбосари бўлди.

Мактабгача таълим вазирлиги Ўзбекистон Президентининг 30 сентябрдаги қарори билан ташкил этилган эди.

Вазирлик зиммасига мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоқларини кенгайтириш, уларни юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишни кенгайтириш, таълим-тарбия жараёнига замонавий дастур ва технологияларни жорий этиш, шунингдек болаларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш вазифалари юкланди.

Пайшанба куни Ўзбекистон Президенти мактабгача таълим тизимини тубдан яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Давлат раҳбари барча параметрлар бўйича замонавий тизимни ташкил этишга топшириқ берди.

У келгуси 3−4 йилда 5−6 ёшдаги барча болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олишга эриш лозимлигини таъкидлади.

«Бу эртанги кунимизни ҳал қиладиган масала ва биз буни албатта амалга оширамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.