Қаршининг «Насаф» футбол жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев Ўзбекистон терма жамоасини БАА билан ўртоқлик учрашувига олиб боради. Бу ҳақда жума куни бўлиб ўтган йиғилишда ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов маълум қилди.

Ўзбекистон термаси жамоанинг ёшариши муносабати билан тубдан ўзгаради. БАА термасига қарши майдонга ёш футболчилар тушади, дейилади хабарда.

«Биз келажак учун истиқболли режалар тузаяпмиз. Шу тамойилга содиқ қолган ҳолда миллий терма жамоа таркибини ёшартириш йўлидан борамиз», — деди Умид Аҳмаджонов ЎФФ матбуот хизматига.

«БАА билан ўйин миллий терма жамоа таркибига номзод бўлган янги ёшларни саралаб олиш ва уларни синовдан ўтказиш имконини беради. Жамоани майдонга Рўзиқул Бердиев бошлаб тушади», — дея маълум қилди ЎФФ президенти.

ЎФФ раҳбари терма жамоага хорижлик мураббий таклиф қилиниши тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.

«Биз 20−25 кун ичида миллий терма жамоага хорижлик мураббий тайинланиши ҳақида айтиб ўтгандик. Бугунги кунда бир қанча номзодларни кўриб чиқдик, лекин, ҳозирча, бизнинг талабларимизга жавоб берадигани чиқмади. Аммо, изланишдамиз, музокаралар олиб бормоқдамиз», — деди Умид Аҳмаджонов.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси БАА билан 14 ноябрь куни меҳмонда ўртоқлик учрашуви ўтказади. Ўйин бўлиб ўтадиган стадион ва унинг вақти ҳақида кейинроқ хабар берилади.