17 октябрь куни тахминан 23:40 ларда Тошкентнинг Миробод туманида Жанубий Корея фуқаросига босқинчилик уюштирилди, дея хабар қилди пойтахт ИИББ сайти.

Унга нисбатан саломатлик учун хавфли зўравонлик уюштирган жиноятчи иккита Samsung мобиль телефони, фуқаролик паспорти ва 2 млн сўм миқдоридаги нақд пулларни тортиб олиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Ҳужум қилган шахс — Зуҳриддин Ҳасанов — қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 1-қисми (босқинчилик, яъни ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. ИИББ мазкур шахснинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрганлар бўлса, «102» телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат этишлари мумкинлигини маълум қилди.