Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 октябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга бағишланган бир йил ичидаги тўртинчи йиғилишни ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30 га яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникаси, 441 тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Фаолияти тугатилган 658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилди.

Бундан ташқари, қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилди. Бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг бакалавриатура босқичини битирган 3197 ёш мутахассиснинг 79 фоизи бирламчи тизимга ишга юборилди.

9 ой мобайнида хусусий тиббиёт муассасалари яна 400 дан зиёдга кўпайиб, уларнинг сони 3860 дан ошди. 2016 йилда 806 тез тиббий ёрдам станцияси ва кичик станцияси фаолият кўрсатган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 2100 дан ошди.

«Аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни янада ривожлантириш борасида ҳали қиладиган ишларимиз кўп», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ҳудудларда етарли даражада эмаслиги олдимизда турган долзарб муаммолардан бири. Тан олиш керак, ҳудудлардан юқори технологик тиббий ёрдам олиш учун Тошкент шаҳрига келиш аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда», — деди давлат раҳбари.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида вилоятларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислардан 134 номзод танлаб олингани қайд этилди. Улар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларига, жумладан, болалар шифохоналари, эндокринология, кардиология, силга қарши, тери-таносил диспансерлари, онкология маркази филиаллари, юқумли касалликлар шифохоналарига ишлаш учун юборилди.

Йиғилишда чет эл клиникаларида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ ватандош Ўзбекистонга қайтгани маълум қилинди.

Давлат раҳбари тиббиёт ходимларининг малакаси ва шахсий масъулияти масаласи жиддий танқид қилди. Соҳадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимининг давлат ва хусусий секторидаги барча мутахассислар фаолиятини лицензиялаш тизимини татбиқ этиш назарда тутилган.

Аҳолини патронаж ва тизимли диспансеризация билан тўлиқ қамраб олиш, она ва бола скрининги ҳамда тиббий-генетик хизматни янада такомиллаштириш ва ушбу хизматларни аҳолига яқинлаштириш мақсадида 2018−2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.