Ўзбекистон делегацияси Эрон ишбилармонларини ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш, лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга чақирди. 18 октябрь куни Теҳронда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Эрон бизнес-форумида Ўзбекистон ҳукумат делегацияси иштирок этди.

ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, форумда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов, Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев, «Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси Алишер Султонов ва Ўзбекистон делегациясининг бошқа аъзолари сўзга чиқди. Эрон ҳукумати номидан сўзга Эрон саноат, конлар ва савдо вазирининг ўринбосари Можтаба Хосравтаж чиқди.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистон делегациясининг Теҳрон шаҳрига ташрифи сентябрь ойида Остона шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Президенти Ҳасан Руҳонийнинг учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ташкил этилганини таъкидлади.

Ўзбекистон делегациясининг Эронга ташрифи доирасида ва бизнес-форум натижалари бўйича бир қатор ўзаро манфаатли ҳужжатлар, хусусан 7,5 млн АҚШ долларилик аҳдлашув баённомаси, шунингдек, 25,5 млн АҚШ долларилик қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича битимлар имзоланди.