«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси «Тошкент-4» йўловчи терминалини лойиҳалаштириш ҳамда Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропорти «Тошкент-2» терминалидан фойдаланишни оптималлаштириш масалалари бўйича «Инчон» халқаро аэропорти корпорацияси (Жанубий Корея) билан музокаралар олиб борди. Бу ҳақда МАК сайтида хабар қилинди.

Корейс томони пойтахт аэропортида йўловчиларга хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш учун консультант сифатида таклиф этилди. Жанубий кореялик мутахассислар лойиҳалаштирилаётган «Тошкент-4» терминали ҳажмлари ва лойиҳа бўйича капитал қўйилмаларини ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек мавжуд «Тошкент-2» терминалида қулайлик ва сервис даражасини кўтариш ва режалаштирилган ечимларни қайта кўриб чиқиш йўли билан унинг ўтказувчанлик хусусиятини ошириш бўйича консультантлик қилади.

«Тошкент-2» терминалининг ўтказувчанлик хусусияти бугунги кунда соатига 1000 йўловчини ташкил этади. Ҳар йили унинг хизматларидан 2,5 миллион йўловчи фойдаланмоқда.

«Тошкент-4» йўловчи терминалини 2019 йил сўнгига қадар Корея Республикаси ҳукумати кўмагида қуриш режалаштирилган эди. Бироқ лойиҳа вақтинча тўхтатилди.