Ўзбекистонда ўн саккиз ёшга тўлмаганларга энергетик ичимликларни сотишни тақиқлаш режалаштирилмоқда. «Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунга ўзгартишлар киритишга оид лойиҳа муҳокама учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталига жойлаштирилди.

Ҳужжатда энергетик ичимликларга «организмнинг жисмоний ва ақлий ишчанлик қобилиятини оширувчи, таркибида рўйхати ва чегаравий ҳажми Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланувчи тетиклантирувчи кимёвий моддалар мавжуд алькоголсиз ичимлик» сифатида белгиланган.

Лойиҳада энергетик ичимликлар рекламасига қатор чекловларни жорий этиш таклиф этилмоқда. Жумладан, рекламада бу каби ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилинишининг саломатликка зарари тўғрисида огоҳлантириш ҳамда уларни истеъмол қилиш тавсия қилинмайдиган шахслар рўйхати келтириб ўтилиши лозим.

Рекламаларда ичимликларни истеъмол қилиш ижтимоий ҳаёт ва спортда муваффақиятларга эришиш ёки истеъмол қилган шахснинг жисмоний ва психологик ҳолатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этишига оид таассуротларни уйғотувчи жараёнлар акс этмаслиги зарур.

Электрон кўринишдаги энергетик ичимликлар рекламасини 7:00дан 22:00 гача намойиш этиш, шунингдек болалар ва ўсмирлар нашрларида, босма нашрларнинг биринчи ва охирги саҳифаларида, тиббиёт, спорт, мактабгача, таълим муассасалари ҳамда умумий фойдаланишдаги йўловчи транспорт воситалари салонларида уларни реклама қилишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.

Бундан ташқари, реклама мақсадида энергетик ичимликлар намуналарини вояга етмаганлар ўртасида бепул тарқатиш, фақатгина вояга етмаганларга мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, агарда энергетик ичимликлар номи, товар белгиси ёки тасвирларидан фойдаланилса, шунингдек вояга етмаганлар ўртасида энергетик ичимликлар номи ёки товар белгисидан фойдаланилган маҳсулотларни тарқатиш ва сотишни тақиқлаш режалаштирилмоқда.