Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни мамлакатга амалий ташриф билан келган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни қабул қилди, дея хабар берди ЎзА.

Учрашувда ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзаро савдо ҳажми ва номенклатурасини кенгайтириш, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Чеченистон раҳбари Ўзбекистон Президентига самимий қабул ҳамда отаси Аҳмад ҳожи Қодиров таҳсил олган ислом цивилизациясининг тарихий марказларини зиёрат қилиш мақсадида Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилишга кўмаги учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, у кўп миллатли ўзбек халқига чуқур эҳтиромини билдириб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб қилиш борасида олиб бораётган сиёсати ва халқаро ташаббусларига юксак баҳо берди.

Чеченистон раҳбари матбуот хизмати маълумотларига кўра, Рамзан Қодиров Тошкентда Ҳазрати Имом мажмуаси ҳамда Аҳмад ҳожи Қодировнинг устози ва дўсти бўлган таниқли ислом олими шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қабрини зиёрат қилди. Рамзан Қодиров Шайхонтоҳур туманидаги «Кўкча» масжиди ва қабристонини ҳам кўздан кечирди.

Икки кунлик ташрифи доирасида Рамзан Қодиров Самарқанд ва Бухородаги ислом ёдгорликларига сафар қилади.