Академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Сингапурда ўтган Осиё чемпионатида тўртта медални қўлга киритди, дея хабар қилди Ўзбекистон Rowing&Canoe федерацияси «Газета.uz"га.

Мусобақада 25 давлатдан 284 нафар спортчи иштирок этди. Миллий терма жамоа вакиллари жамоавий экипаж мусобақаларида учта олтин, яккалик беллашувда бир бронза медалига сазовор бўлди.

JM4X қайиғида (тўртлик йигитлар, ўсмирлар) Евгений Агафонов, Абдулазиз Раҳимжонов, Давржон Давронов ва Жасурбек Мавлонов 6:19:768 натижа билан Осиё чемпионларига айланишди. Иккинчи ўринни хитойлик спортчилар — 6:21:109, учинчи ўринни эса эронликлар — 6:21:927 эгаллади.

Чамбараксиз икки кишилик қайиқда (JM2-) Сардор Тўлқинхўжаев ва Алишер Турдиев олтин медалга сазовор бўлди — 7:06:201, «кумуш» Ҳиндистонга — 7:19:263, «бронза» эса Хитойга — 7:22:258 насиб этди.

Чамбараксиз тўрт табақалик қайиқлар (JM4-) тоифасида Элёржон Раупов, Сардор Тўлқинхўжаев, Шаҳзод Нурматов ва Алишер Турдиев финиш чегарасидан биринчи бўлиб кесиб ўтиб, 6:04:873 натижа кўрсатди. Кейинги ўринларни ҳиндистонлик (6:11:323) ва таиландлик (6:17:782) спортчилар эгаллади.

Камила Мақсутова аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларда 2018 йилги ўсмирлар Олимпия ўйинларида иштирок этиш йўлланмасига сазовор бўлди. Биринчи лицензияжорий августида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида эркаклар жуфтлиги томонидан чамбараксиз қайиқлар мусобақасида қўлга киритилган эди.