«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси Ўзбекистн Президентининг узоқ парвозлари учун расмий самолёт сифатида фойдаланиш мақсадида россиялик тадбиркор Алишер Усмонов фойдаланаётган Airbus 340 самолётини ижарага олди. Бу ҳақда МАК сайтидаги хабарда сўз боради.

Президент Шавкат Мирзиёев сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этган Нью-Йоркка сафарида ва яқиндагина Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ саммитига ташрифида мазкур самолётдан фойдаланди.

Ҳукумат «Ўзбекистон ҳаво йўллари"га ижарага олиш учун самолётларни излаш ва саралаш топшириғи берилган эди. Қулайлик, хавфсизлик ва техник тайёрлик нуқтаи назаридан GlobalJet лайнер оператори таклиф этган Airbus 340 (рўйхат рақами M-IABU) самолёти танланди.

«Миллий авиакомпания ҳаво кемасига эгалик қилувчи Klaret Aviation Limited компанияси билан мавжуд бозор нархлари бўйича тижорий шартлар асосида ижара шартномасини тузди», — дейилади хабарда.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Ўзбекистон ҳукумати номидан Алишер Усмоновга ижарага беришга рози бўлгани учун миннатдорчилик билдиради, дея қайд этилади хабарда.