«Ўзбектелеком» миллий телекоммуникация оператори 20 октябрдан айрим хизматлар учун тарифларни ошириш тўғрисидаги қарори бекор қилингани тўғрисида хабар берди.

Оператор хабарида айтилишича, қарор абонентлар ва компания ҳамкорларининг истаклари инобатга олинган ҳолда қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 4 октябрда тасдиқлаган янги прейскурантга мувофиқ, шаҳар телефонларидан фойдаланиш тарифлари тахминан 30 фоизга, хорижга қўнғироқ қилиш нархлари эса икки баробарга оширилиши лозим эди. Телеграф алоқаси хизматлари нархларини ҳам икки баробарга ошириш белгиланганди.

«Ўзбектелеком» хабарида қайд этилишича, ҳозирча 2016 йил 1 январда жорий этилган тарифлар сақланиб қолади.